Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети қошидаги Aкадемик лицейда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси янги таҳрири бўйича умумхалқ референдуми ҳамда 9 апрель Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 30 йил тўлиши муносабати билан “Конституция – бахтимиз қомуси” шиори остида тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон Экологик партияси Нукус шаҳар Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, лицей ўқитувчилари ва ўқувчилар қатнашди.

Тадбирда шу йилнинг 30 апрель куни ўтказиладиган референдум, Конституциявий қонун лойиҳаси, унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, ёшларнинг, ўқитувчиларнинг, қолаверса ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқлари билан эркинликлари хусусида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Конституcиясининг қабул қилиниши тарихи, мазмуни тўғрисида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди. Шундан сўнг, ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билимларини синаш, Конституцияга оид тушунчаларини кенгайтириш мақсадида беллашув ўтказилди. Иштирокчилар жамоавий тарзда 3 та шарт бўйича ўзаро куч синашиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан берилган баҳоларга мос равишда тегишлича ўринларга сазовор бўлишди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Тадбир иштирокчилари референдумга бефарқ бўлмасдан, ўзларининг фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда мазкур долзарб сиёсий жараёнда фаоллик кўрсатишга аҳд қилишди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири