Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Нукус шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказига пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб тадбир иштирокчиларига мономарказда фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар тўғрисида батафсил малумот берилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори асосида Нукус шаҳридаги олдинги коммунал хўжалиги ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биносининг бир қисми қайта реконструкция қилиниб, “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этилди.

Мазкур марказнинг асосий мақсади ишсиз, банд бўлмаган аҳолини, шунингдек белгиланган тартибда вақтинчалик хорижга ишга жўнаб бораётган фуқароларни касб-ҳунарга, тадбиркорликка ва хорижий тилларга ўқитиш  ҳисобланади.

Мономарказда 2021 йилда ишсиз жами 1128 нафар,  2022 йилда эса 3122 нафар фуқаро ўқишга қабул қилинди. Жорий йилнинг январь-март ойларида 16 та касб-ҳунарга, 5 та  хорижий (инглиз, рус, корейс, япон ва турк) тилга ўқитиш ва 5 та ахборот технологиялари (IT) соҳаси бўйича ўқув курслари ташкил этилди. Мазкур курсларда ўқиш учун аҳоли  бандлигига кўмаклашиш марказлари йўлланмаси билан 1011 нафар, шартнома асосида 312 нафар, жами 1323 нафар фуқаро қабул қилинган.

Бундан ташқари,  Нукус шаҳридаги 1-сонли филиалга жорий йилнинг январь-март ойлари мобайнида касб-ҳунарга, хорижий тилларга ўқитиш ва ахборот технологиялари (IT) соҳаси бўйича ўқув курсларига 235 нафар,  2-сонли филиалга  232 нафар, Қўнғирот туманидаги филиалга 233 нафар фуқаро қабул қилинган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, яқин кунларда Чимбой туманида ҳам янги филиал фаолиятини бошлайди.

Тадбир иштирокчилари мономарказдаги турли касб-ҳунарга ва чет тилларига ўқитадиган курсларнинг фаолияти билан яқиндан танишди. Ўзлари танлаган касбининг моҳир устаси бўламан, келажакда шу касбим орқали даромадга эга бўламан деган фуқаролар учун бу ерда барча шароит яратилган Уларга тажрибали мутахассислар касб сирларини ўргатмоқда. Жумладан, ошпазлик   касби уста-муҳандиси Фарҳод Абдуллаев Россия Федерацияси, Литва ва Қозоғистон мамлакатларида фаолият олиб борган бўлса, электр пайвандлаш бўйича уста-муҳандис Избоскан Нурекеев ўтган йили Корея мамлакатида малака ошириб қайтди.

Туманлардан келганлар ётоқхона билан таъминланган. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Масалан, Шуманай туманидан иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Баҳодир Жумабоев маиший техника қурилмаларини таъмирлаш устаси гуруҳида таълим олмоқда. Келажакда туманда маиший техникаларни таъмирлаш устахонасини очмоқчи. Ҳозирнинг ўзида устозидан ушбу касб сирларини анча ўрганиб олди. Мономарказ битирувчиларининг аксарияти шахсий устахоналар ташкил этиб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА