Нукусда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида таълим муассасалари ўқитувчилари ўртасида “Соғлом танда – сифатли таълим” шиори остида “Касаба уюшмаси кубоги” спорт мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси томонидан тасдиқланган қўшма қарор асосида ташкил этилган спорт мусобақалари Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактаби, Енгил атлетика ва ўйин турлари бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби, Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Нукус шаҳридаги 2-сонли спорт мактабида ўтказилди.

Мусобақада ўқитувчи ва мураббийлар спортнинг мини-футбол, шахмат, шашка, стол тенниси ва волейбол турлари бўйича ўзаро куч синашди. Мазкур мусобақанинг қуйи босқичларида 16 минг 559 нафардан ортиқ таълим муассасаларининг ходими иштирок этди.

“Касаба уюшмаси кубоги” спорт мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида умумжамоа ҳисобида Қўнғирот тумани биринчи, Кегейли тумани иккинчи, Чимбой тумани учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, стол тенниси бўйича аёллар ўртасида Тахиатош туманидан Юлдуз Худайбергенова,  эркаклар ўртасида Элликқалъа туманидан Ихтиёр Қурбанов, шахмат бўйича аёллар ўртасида Чимбой туманидан Гулсаўир Бекмуратова, эркаклар ўртасида Нукус шаҳридан Полат Сейтназаров, шашка бўйича аёллар ўртасида Хўжайли туманидан Гулчеҳра, эркаклар ўртасида  Қораўзак туманидан Даўлетали  Тажимуратов, волейбол бўйича Тахтакўпир тумани, мини футбол бўйича Хўжайли тумани жамоалари ғолиб бўлди.

Ғолиб ва совринли ўрин эгаларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг диплом, пул мукофотлари ҳамда қимматбаҳо совғалари  топширилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА