Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Информатика бўйича олимпиада жамоасини тайёрлаш бўйича махсус ўқувлар бошланди.

Информатика ва ахборот технологиялари бўйича халқаро олимпиадага тайёргарлик жараёнларини янада кучайтириш, терма жамоанинг нуфузли мусобақадаги натижадорлигини яхшилаш мақсадида халқаро информатика олимпиадаси олтин медали соҳиби, Польша ёшлар информатика олимпиадаси бош координатори Бартосз Костка юртимизга таклиф қилинди.

Пойтахтимиздаги IT Park биносида халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи ўқувчилар билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги масъул ходимлари ҳамда польшалик мутахассис Бартосз Костка иштирок этди.

Бартосз Костка жорий йил Венгрияда ўтказиладиган олимпиада мусобақаларига юртимиз терма жамоа аъзоларини пухта тайёрлаш билан бирга, уларнинг имтиҳон жараёнларида зарур бўладиган руҳий кўникмаларини мустаҳкамлашда ёрдам беради.

Қайд этиш лозимки, 35-Халқаро информатика олимпиадаси 2023 йил 28 августдан 4 сентябрь кунига қадар Венгриянинг Сегед шаҳрида бўлиб ўтади, унда 4 нафар ўзбекистонлик ёшлардан иборат терма жамоамиз вакиллари иштирок этиши режалаштирилган.

Мамлакатимизда 12 нафар ўқувчи  35-Халқаро информатика олимпиадасида иштирок этиш учун 10 кун давомида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган интеллектуал оромгоҳ мажмуасида халқаро даражадаги тренер томонидан тайёрланади.

Тайёргарлик натижаларига кўра 4 нафар ўқувчи саралаб олинади.

Учрашувдан сўнг ўқувчилар,  халқаро ва маҳаллий тренерлар интеллектуал оромгоҳга жўнаб кетди.

ЎзА