Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев фармони билан Мурат Нуртлеу Бош вазир ўринбосари – ташқи ишлар вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

“Мурат Нуртлеу Абдугалиевич Қозоғистон Президенти администрацияси раҳбари лавозимидан озод этилиб, республика бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири этиб тайинлансин”, дейилади ҳужжатда.

47 ёшли Нуртлеу мамлакат раҳбари маъмуриятини 2022 йил январь ойидан бери бошқариб келади. Ўтган йиллар давомида Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, республика президенти маъмурияти раҳбарининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Қозоғистонда 19 март куни парламент сайловлари бўлиб ўтган эди.

30 март куни Алихон Смаилов Қозоғистон Бош вазири этиб қайта сайланган эди.

ЎзА