АҚШнинг саккиз штатида юз берган кучли торнадо натижасида ҳалок бўлгани аниқланган инсонлар 26 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда “CBS News” хабар берди.
— Ўн минглаб аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудлар электр таъминотидан узилди, — дейди телеканал мухбири. — Бундан ташқари, ўнлаб одам жароҳатланган.
“PowerOutage.us” мониторинг хизмати маълумотига кўра, Пенсильванияда 140 мингга яқин, Огайода 82 000, Виржинияда 65 мингдан зиёд истеъмолчи электр таъминотисиз қолган.
“ABC News” шанба куни Арканзас, Миссисипи, Айова, Теннесси, Иллинойс ва Висконсин штатларида торнадо қайд этилганини ёзди. АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати жума куни кечқурун тўфон ҳақида огоҳлантирилганини таъкидлаган. Ушбу манзилларда 28 миллиондан кўп одам яшайди.
Табиий офатдан Арканзаснинг маъмурий маркази ва аҳолиси энг кўп Литл-Рок ҳудуди жиддий зарар кўрган. Кўплаб уйлар шикастланган ёки вайрон бўлган. Губернатор Сара Хакаби Сандерс фавқулодда ҳолат эълон қилиб, ҳукумат штатни қайта тиклаш учун ҳеч қандай маблағ аялмаслигини билдирди.