Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида талабалар турар жойларининг қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишди.

Айни пайтда институтда талабаларни турар жой билан таъминлаш, уларни ётоқхоналар билан қамраб олиш ишларини яхшилаш мақсадида 5 ўринда, умумий 1550 ўринлик талабалар турар жойларининг қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 23 миллиард 704 миллион сўм ажратилиб, янгидан 500 ўринлик ётоқхона қурилмоқда. Шу билан бирга, институт бош биноси ёнидаги 100 ўринлик ҳамда Элликқалъа педагогика факультетининг 150 ўринлик талабалар турар жойлари таъмирланмоқда.

Шунингдек, институт кампусидан давлат-хусусий шериклик асосида 23 миллиард 200 миллион сўмга 400 ўринлик янги талабалар турар жойининг қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Талабаларни турар жой билан таъминлашда тадбиркорлик субъектлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатилган.

Вазир ўринбосари ушбу объектларда бўлиб, қурилиш корхоналари раҳбарлари ҳамда тегишли масъуллар билан суҳбатлашди. Қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечириб, талабаларга қўшимча шароитлар яратиш, қурилишни ўз вақтида якунлаш бўйича тегишли топшириқлар берди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири