Абдусаид КЎЧИМОВ
Гоҳ бахтдан энтикиб балқди қуёшинг,
Гоҳ Жайҳунга сиғмай оқди кўзёшинг,
Эҳ, не-не ғамларни кўрди бу бошинг,
Бирда шом, бирда чўғ, бирда чақмоғим, –
Қорақалпоғим
Балки, Авестодан қадимдир шонинг,
Наслинг- қорақалпоқ, туркийдир қонинг,
Тошдан да қаттиқдир ҳар тишлам нонинг,
Қурдошим, элдошим, уруғ-аймоғим,-
Қорақалпоғим
Кимлардир, қашқирдек таладилар хўп,
Кимлардир, товонинг яладилар хўп,
Курашдинг, гоҳ ёлғиз, гоҳида тўп-тўп,
Эй, ёзни кўролмай, қувраган боғим, –
Қорақалпоғим
Кезиндинг, гоҳ Эдил, гоҳо Ёйиқда,
Ёғийлар даф қилди қонхўр айиқдан,
Кунларинг тўфонда қолган қайиқдай,
Бўрон, довулларда тобланган тоғим,-
Қорақалпоғим
Ул қора кунларинг армондир бу кун,
Сену мен – бир улуғ карвонмиз бу кун,
Жасур Юртбошимиз – сарбондир бу кун,
Овулим, бовурим, кўзим, қороғим,-
Қорақалпоғим
Оролга қайтмоқда эрка чорлоқлар,
Ёшариб бормоқда кенту қишлоқлар,
Устюртда чарақлар минг-минг чироқлар,
Энди ўчмагайдир – ўчмас чироғим, –
Қорақалпоғим
Бўстонга айлангай чўлларинг энди,
Юлдуздан ошгайдир қўлларинг энди,
Қуёшга кўмилгай йўлларинг энди,
Эй, меҳри булоғим, қалби қайноғим,-
Қорақалпоғим
Қорақалпоғим
30.03.2023 йил
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги