Президентимизнинг жорий йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида Олий адабиёт курси ташкил этилади.

Эндиликда Олий адабиёт курси мутахассисликлари бўйича тегишли малака талаблари, ўқув режалари ва дастурлари ишлаб чиқилади ва шу йилнинг 1 августидан бошлаб амалиётга татбиқ этилади.

Белгиландики, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Олий адабиёт курсига бакалавр даражасига эга бўлган ва адабиёт соҳасида ўз ижодий қобилиятини намоён этган ижодкорлар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ танлов асосида қабул қилинади.

Олий адабиёт курсига йиллик қабул квоталарининг 40 фоизи бюджет ва 60 фоизи тўлов-контракт асосида бўлиши режалаштирилган.

 

ЎзА