Адвокатлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида «Адвокатура соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, муаммо ва ечимлар» мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Офлайн ва онлайн режимда ўтказилган тадбирда бевосита ва видеоконферец-алоқа орқали қарийб 500 нафар адвокат иштирок этди.

Адлия вазири ўринбосари М.Икромов адвокатура фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш натижасида адвокатура соҳаси тубдан янгиланаётганини қайд этди. Бу орқали жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш янги босқичга олиб чиқилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 майдаги «Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан адвокатура соҳасини рақамлаштиришга доир вазифалар белгиланган.

Шу асосда «Юридик ёрдам» ахборот тизими ишлаб чиқилди. Унда адвокатларнинг шахсий кабинети, адвокатларнинг электрон реестри, «электрон адвокатлик ордери»ни олиш ва бошқа кенг имкониятлар яратилган.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш жараёнлари ҳам учинчи шахслар иштирокисиз адвокатни автоматик электрон танлаш йўли билан амалга оширилиши кўзда тутилаётгани ҳақида фикрлар билдирилди.

Адвокатлар палатаси раиси А.Эрназаров адвокатура соҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолаб, соҳада юзага келаётган муаммолар бўйича тўхталиб ўтди.

Мулоқот давомида адвокатлар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволлар, амалиётда учраётган муаммолар ҳақида фикр-мулоҳазаларини ва уларни бартараф қилиш бўйича таклифларини билдирди.

ЎзА