“UzCharmExpo-2024 Leather Goods” халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “UzCharmExpo-2024 Leather Goods” чарм, пойабзал, атторлик, қоракўл, мўйна, жун ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар 16-Халқаро кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади.
Савдо-саноат палатаси, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, Халқ банки мазкур нуфузли форум ташкилотчиларидир.

“UzCharmExpo-2024 Leather Goods” бу кўп йиллик тажриба ва мувафаққиятли бизнеснинг ютуқлари жамланган манзилдир. Мазкур кўргазма ўзаро манфаатли ҳаморликни йўлга қўйиш, икки томонлама алоқаларни ўрнатиш, ишбилармонлик портфелини янги бизнес лойиҳалар билан бойитиш ҳамда кооперация алоқаларини ўрнатиш, халқаро таниқли брендларни жалб қилиш, соҳа экспортини янада оширишда самарали майдон саналади.

“Ўзэкспомарказ” МКМ павильонларида Хитой, Италия, Туркия, Эрон, Россия, Беларусь, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатларнинг ишлаб чиқарувчилари томонидан чарм-пойабзал саноати учун инновацион технологик ечимлар таклиф этилади.
“UzCharmExpo-2024 Leather Goods” Марказий Осиёдаги чарм-пойабзал ва мўйна саноатининг энг йирик ихтисослаштирилган кўргазмасидир. 16-халқаро кўргазмада 100 га яқин маҳаллий ва 10 дан ортиқ хорижий давлат ташкилотлари ва компаниялари ўз маҳсулот намуналари билан иштирок этмоқда.

“UzCharmExpo-2024 Leather Goods” кўргазмаси нафақат компанияларнинг салоҳияти, маҳсулот ассортименти ва соҳадаги инновациялар билан танишиш имконияти, балки, Б2Б ва Г2Б, Г2Г музокаралари учун самарали платформадир. Кўргазма доирасида бизнес-мулоқотлар ва тақдимотлар ўтказилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА