Бир кунда 600 дан ортиқ декларациялар автоматик тарзда расмийлаштирилмоқда
Бугунги кунда божхона соҳасида замонавий рақамли технологиялар кенг қўлланилмоқда. Сунъий интеллект элементларини жорий этиш орқали расмийлаштирув жараёнларини такомиллаштириш ва унга сарфланаётган вақтни қисқартириш йўналишида божхона органларида бир қатор тизимли ва ўз ўрнида самарали ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, божхона органларида божхона юк декларацияларининг инсон омили иштирокисиз – автоматик тарзда тизим томонидан расмийлаштириш амалиёти жорий этилгани ҳам фикримиз исботи.
Президентимизнинг 2020 йил 6 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан божхона юк декларацияларини расмийлаштириш жараёнларини такомиллаштириш ва унга сарфланаётган вақт сарфини кескин қисқартириш мақсадида хавф даражаси паст бўлган товарларни инсон омили иштирокисиз автоматик тарзда божхона расмийлаштирувидан ўтказишни назарда тутувчи ахборот тизимини жорий этиш топшириғи берилган.
– Белгиланган топшириқ ижроси юзасидан Япония, Корея, Грузия, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва шу каби бошқа давлатларнинг илғор тажрибалари ўрганилди. Натижада божхона органларида илк бор “Авторасмийлаштирув” тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди, –дейди Божхона қўмитаси ахборот хизмати бош инспектори Азиза Зоирова. — Ушбу тизим 2021 йил бошидан дастлаб, “экспорт” божхона режимига нисбатан ишлаб чиқилган бўлса, кейинчалик “вақтинча сақлаш” ва “божхона омбори” божхона режимларида ҳам қўлланила бошланди. 2023 йилнинг апрель ойидан эътиборан “импорт” божхона юк декларацияларини ҳам автоматик тарзда расмийлаштириш амалиётига ўтилди. Тизим жорий этилганидан буён, қарийб 300 мингдан ортиқ декларациялар инсон омили иштирокисиз тизим томонидан автоматик тарзда ўртача 3-5 дақиқа сарфланган ҳолда расмийлаштирилди. Мазкур тизим жорий этилгунига қадар биргина “яшил йўлакда”ги божхона юк декларацияни расмийлаштириш учун ўртача 4 соат сарф этилган.
Бугунги кунга келиб, хавф даражаси паст бўлган божхона юк декларацияларнинг “экспорт” божхона режимида 90 фоизи, “вақтинча сақлаш” ва “божхона омбори” божхона режимларида 80 фоизи, импорт божхона режимида 5 фоизи автоматик тарзда расмийлаштирилмоқда. Бошқача қилиб айтганда, божхонада бир кунда ўртача 600 дан ортиқ декларациялар автоматик тарзда божхона ходимларисиз расмийлаштирилмоқда.
Божхона юк декларациясига илова қилинган рухсатнома ҳужжатларининг “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида мавжудлиги, бир корхона номидан бир нечта божхона юк декларацияларни тизимга юбориш вақтининг оралиғи камида 15 дақиқани ташкил этишига эришилмоқда. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг божхона ва солиқ органларидан қарздорлик ҳолати мавжуд эмаслиги, Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги инсон омилисиз автоматик тарзда расмийлаштирилиши имконияти ортади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги “Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига киритилган сўнгги ўзгартиришларга асосан 2024 йил 1 январдан бошлаб божхона органларининг иш вақтидан ташқари вақтда амалга оширилган божхона расмийлаштируви учун ундириладиган божхона йиғими (БҲМнинг 2 баробари = 680 000 сўм миқдорида), автоматик тарзда расмийлаштирилган божхона юк декларациялар учун қўлланилмайди.
Ушбу тизим амалиётга жорий этилиши натижасида божхона назорати самарадорлиги янада ортди, божхона расмийлаштируви жараёнларидаги коррупцион омиллар кескин қисқарди. Пировардида Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан божхона расмийлаштируви жараёнларига сарфланаётган вақт ва молиявий харажатлар сезиларли даражада камайишига эришилди.
Ҳозирги кунда мунтазам равишда мазкур тизимни такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА