Зилзилалар иқтисодий талафотларини баҳолашнинг илмий асосланган симуляцион модели ишлаб чиқилади

233

Сўнгги йилларда хорижий мамлакатларда содир бўлаётган кучли зилзилалар оқибатида юзага келаётган турли талафотлар мамлакатимизда сейсмик хавфсизликни таъминлаш ишларини жадаллаштириш, соҳага замонавий ёндашувларни жорий этишни талаб этмоқда.

Хўш, бу борада юртимизда қандай саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда? АОКАда ўтказилган брифингда Фанлар академияси ахборот хизмати раҳбари Гулноза Шарафова мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар хусусида қуйидагиларни маълум қилди.

—Фанлар академияси Сейсмология институти олимлари томонидан кучли зилзилалар таъсирида Тошкент шаҳрининг талафотланиш даражасини иқтисодий баҳолаш имконини берувчи рақамли симуляцион модель ишлаб чиқилади.

Тошкент шаҳри ҳудуди сейсмик потенциали юқори бўлган зонада жойлашган бўлиб, ҳудудда магнитудаси М≤6.5 бўлган зилзилалар содир бўлиш хавфи бор. Тарихий ва инструментал маълумотлар базасига кўра шаҳар ҳудудида 1868, 1886, 1924 ва 1966 йиллари магнитудаси М=6.5, М=6.0 ва М=5.3 сейсмик жадаллиги бўйича 7, 8, 9 баллик зилзилалар қайд қилинган. Шунингдек, 1980 йилда магнитудаси М=5.5 бўлган сейсмик жадаллиги 8 баллга тенг Назарбек зилзиласи содир бўлган.

Тошкент шаҳар ҳудудининг жанубий ғарб йўналишида кесиб ўтувчи Каржантоу тектоник ер ёриғи доимий ҳаракатланиши натижасида кучли зилзилалар содир бўлиб келмоқда. Албатта содир бўлиши муқаррар бўлган 7,8 ва 9 баллик кучли зилзилалар шаҳарга иқтисодий талафотлар етказган.

Талафотларни олдиндан аниқлашда замонавий рақамли симуляцион моделлардан кенг фойдаланиш аҳоли ва ҳудудларни сейсмик хавфдан ҳимоя қилиш муаммоларини ҳал этиш бўйича комплекс ёндашув вазифасини бажаради.

Лойиҳани амалиётга татбиқ этиш орқали замонавий IT-технологиялар асосида Тошкент шаҳрининг муҳандис-геологик шароитини ва бино-иншоотларнинг конструктив турларини ҳамда уларнинг сейсмик заифликларини аниқлаб, ҳисобга олган ҳолда ҳудудда содир бўлиш эҳтимоли юқори бўлган 7, 8 ва 9 баллик зилзилалар иқтисодий талафотларини баҳолашнинг илмий асосланган симуляцион модели ишлаб чиқилади.

Тадқиқот натижасида грунт ва биноларнинг тизимли тебраниш хусусиятлари аниқланади ва эпицентрал зоналардаги ва ундан ташқарида сейсмик тебранишларнинг тарқалиши, сўниш кўрсаткичлари математик моделлаштириш асосида баҳоланади.

Шунингдек, ҳудуднинг ҳар бир нуқтаси учун зилзиланинг манба параметрлари асосида синтетик акселерограмма яратилади. Тошкент шаҳри ҳудудида содир бўлиш эҳтимоли юқори бўлган зилзила ўчоғларининг сейсмик хавфи баҳоланади.

Шу билан бирга, шаҳар ҳудудида турли даврларда қурилган бино ва иншоотлар, хусусий уйларни инобатга олган ҳолда, 7, 8 ва 9 баллик зилзилалардаги сейсмик бардошлик ҳолатлари аниқланади. Ҳар бир конструктив турдаги бино-иншоотлар учун шикастланиш даражалари баҳоланади, сейсмик ҳолатини баҳоловчи намунавий паспортлари тузилади.

Тошкент шаҳрида қурилган бино ва иншоотларнинг ҳар бир конструктив тури учун сейсмик бардошлик бўйича маълумотлар базаси яратилади ва улар ГИС платформасига жойлаштирилади. Ишлаб чиқиладиган кучли зилзилаларни симуляцион моделлаштириш технологияси дастлаб Тошкент шаҳри ҳудуди мисолида, кейин «Рақамли геопортал» ахборот тизими мавжуд шаҳарлар ҳудудлари, босқичма-босқич барча вилоят марказлари ва йирик аҳоли пунктлари ҳудудларига жорий этилади.

Н.Раҳмонова, ЎзА