Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ахбороти эшитилади

281

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаевнинг “Ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишга, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари алоҳида моддалар бидан муҳрлаб қўйилди.

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳадаги муаммоларга ечим топиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилиб, унга кенг ваколатлар берилган эди. Олий Мажлис Сенатида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ташкил этилди, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида эса Ёшлар масалалари бўйича комиссия фаолияти йўлга қўйилганди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш ва улар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмлари ишлаб чиқилиб, ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб вазифалар белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, мажлисда ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ахборотини эшитиш бўйича қарор қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА