БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ хулосасига кўра, Африкада вабо шиддат билан авж олмоқда, вазият хавотирли.
Тузилма мутасаддилари аниқлик киритишича, эпидемия қитъанинг шарқий ва жанубий мамлакатларида тез тарқаляпти. Юзага келган ҳола, айниқса, болалар учун жиддий хавф туғдирмоқда.
Хабарда эпидемиядан энг кўп зарар кўрган давлатлар сифатида Бурунди, Эфиопия, Кения, Малави, Мозамбик, Сомали, Жанубий Судан ва Танзания келтирилган.
Вабо қашшоқлик ва можаро, шунингдек, сув тошқини, довул каби офатлар туфайли янада тез урчимоқда, дейилади ЮНИCЕФ ҳисоботида.
Маълумотда ушбу хасталик вибрио бактериясидан келиб чиққани, озиқ-овқат ва сув орқали юқиши қайд этилган. Бунда бемор оғир диареяга учраб, сувсизланиш ҳолатини бошидан кечиради. Чора кўрилмаса, касаллик ўлимга олиб келади. Тоза сувга эҳтиёжни қондирмаслик, вақтида ва самарали даволаниш имкони йўқлиги инфекция тез тарқалиши ва ўлим хавфи эҳтимолини оширади.
ЎзA