28 март куни Душанбе шаҳрида «Иқлим ўзгаришининг музликларга таъсири ва 2025 йил халқаро музликларни сақлаб қолиш, деб эълон қилинишининг муҳимлигига” бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтади, деб ёзмоқда Тожикистоннинг “Ховар” ахборот агентлиги.
Конференция иши ҳам онлайн, ҳам офлайн форматида ташкил этилади. Унда маҳаллий ва хориждан келган олимлар, экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.
Конференцияда глобал исиш шароитида музликларнинг эриш жараёнига баҳо берилади, музликларни ўрганиш учун минтақавий ва халқаро даражада ҳамкорликнинг асосий йўналишлари аниқлаб олинади, музликлар аҳволи ва уларни асраш ҳамда ўрганиш бўйича илмий-таҳлилий маълумотлар тақдим этилади.
«Иқлим ўзгариши аллақачон сайёрамизнинг кўплаб минтақаларига, жумладан, Арктика, Антарктика ва Марказий Осиёга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Сунъий йўлдош орқали амалга оширилаётган ҳисоб-китобларга кўра, Шимолий Муз океанидаги музликлар доимий равишда қисқариб бормоқда, айниқса, 2019-2021 йилларда жадал қисқарган. Марказий Осиё ва дунёнинг бошқа минтақаларидаги тоғларда ҳам музликлар тез эримоқда. Натижада, сув танқислиги юзага келиш эҳтимоли пайдо бўлмоқда. Бу эса экотизимларга, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ва инсонлар соғлиғига салбий таъсир кўрсатмоқда», — дейилади Музликларни ўрганиш маркази экспертлари.