Шу мақсадда 31 март куни эрта тонгда Франциянинг Париж шаҳридаги туристик компаниялар ассоциацияси (Ilе de Franc) аъзолари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг махсус рейси орқали Самарқандга келди.
Жорий йил 22 февраль куни Президентимиз раислигида мамлакатимизда туризмни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси Париждаги туристик компаниялар ассоциацияси билан ҳамкорликда ассоциациянинг навбатдаги йиллик йиғилишини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича келишувга эришган эди. Ушбу келишув асосида Париждаги туристик компанияларнинг 100 нафардан ортиқ раҳбар ва масъул ходимларининг юртимизга ташрифи уюштирилди.
Самарқанд халқаро аэропортида меҳмонларни Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов бошчилигидаги расмийлар тантанали кутиб олди.
Шаҳар ҳокими меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, ассоциациянинг навбатдаги йиғилиши Самарқандда ўтказилишини қўллаб-қувватлаши ва бунинг учун барча имкониятлар яратилганини таъкидлади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва шаҳардаги сайёҳлик фирмалари Париж шаҳри билан туризм соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Ilе de Franc ассоциацияси президенти Лионел де Робие Франциядаги сайёҳлик компанияларининг Ўзбекистонга мазкур ташрифи давлатларимиз ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва бу борада янги истиқболлар очишга хизмат қилишини таъкидлади. Кутиб олиш маросимининг юқори савияда ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди.
–Самарқанд қадимий Буюк ипак йўлининг маркази, мўъжизавий шаҳар, – деди Лионел де Робие. – Бу шаҳарга келиш ва унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлиш ҳар бир французнинг орзуси ҳисобланади. Шунинг учун бугун Самарқандга Франциядаги энг йирик сайёҳлик компаниялари вакиллари ташриф буюриб, бу ердаги туризм индустрияси иштирокчилари билан ҳамкорлик қилиш ниятида. Ассоциациямизнинг навбатдаги йиғилишини ушбу тарихий шаҳарда ўтказиш эса, биз учун улкан шараф.
Ташриф давомида ассоциациянинг йиғилиши ўтказилиши борабарида Самарқанд шаҳридаги туристик объектларга саёҳат, Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг туризм имкониятлари бўйича тақдимотлари, маҳаллий туристик фирма ва компаниялар вакилларининг француз ҳамкасблари билан учрашувларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Меҳмонлар 2 апрель куни Бухоро шаҳрига саёҳат қилади.