Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида мамлакатимиз олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ўтказилган иншолар танлови ғолибларини тантанали тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган ушбу тадбирга ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, маънавият тарғиботчилари, олий ўқув юртлари профессорлари, талаба-ёшлар, уларнинг ота-оналари таклиф этилди.
Иштирокчилар дастлаб, Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гуллар қўйди, Ислом Каримовнинг 80 йиллигига бағишланган «Бутун оламни жо қилган юрак» номли кўргазма экспозицияси билан танишди.
Мазкур фонд бошқаруви раиси Б.Убайдуллаев, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг илмий-ижодий фаолият бўйича ўринбосари Т.Қўзиев, фонд васийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Т.Каримова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, публицист А.Мелибоев, «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррири С.Остонов ва бошқалар ёшларни мустақиллигимизни асраб-авайлаш, ватанпарварлик, фидойилик, юртга садоқат руҳида тарбиялашга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 27 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарор қабул қилингани бу борадаги амалий ишларнинг ёрқин исботидир.
Танловдан кўзланган мақсад, Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш, ёш авлоднинг Ватанимизнинг янги тарихи хусусидаги, уни кўз қорачиғидек асраш, Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги обрўсини юксалтиришда Ислом Каримовнинг тарихий хизматлари борасидаги билимини юксалтиришдан иборат эди.
22 январдан 22 февралга қадар ўтказилган танловда юртимиз олий таълим даргоҳлари талабалари фаол иштирок этди. Тарихчи, сиёсатшунос, филолог олимлардан иборат махсус комиссия томонидан иншолар кенг ва атрофлича ўрганиб, таҳлил этилди. Тақдим этилган ишларда фикр равонлиги, мавзунинг тўлиқ очилгани, ўзига хослиги, мавзуга оид факт ва мисоллар ўринли эканига асосий эътибор қаратилди.
– Ғолибларни аниқлаш жуда қийин бўлди, – дейди «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов. – Ҳар бир иншода Биринчи Президентимизга ёшларимизнинг меҳри, ҳурмати ва эҳироми уфуриб тургани эътиборга моликдир.
Танлов натижасига кўра, биринчи ўринга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бешинчи курс талабаси Отабек Акромов муносиб топилди. Иккинчи ўринни Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг бешинчи курс талабаси Малика Шорустамова эгаллади. Учинчи ўринга Тошкент давлат юридик университетининг тўртинчи курс талабаси Нурбек Тошканов сазовор бўлди.
Шунингдек, ўн етти нафар талаба рағбатлантирувчи ва пул мукофотлари билан тақдирланди.