Бу ҳақда куни кеча Женевада бўлиб ўтган брифингда Жаҳон метеорология ташкилотининг (ЖМТ) расмий вакили Клэр Нюллис маълум қилди.

«Антарктикада денгиз музликлари ҳажми февраль ойида иқлим ўзгариши ва об-ҳаво кузатуви бошлангандан буён энг паст даражани кўрсатмоқда», – деди эксперт. БМТнинг ихтисослашган муассасаси ҳисобланган Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, февраль ойи охирида денгиз музликлари майдони 1,83 миллион квадрат километрни ташкил этган. Бу 2022 йил февраль ойидаги рекорд даражада мавсумий қисқаришдан ҳам 93 минг квадрат километрга камдир.

Арктикада эса денгиз музликлари майдони 1981 йилдан то 2010 йилгача бўлган ўртача кўрсаткичдан 1,12 миллион квадрат километрга кам.

ЖМТ вакилининг ушбу рақамларга изоҳ бериб айтишича, музликларнинг бундай тез эриши об-ҳавонинг табиий ўзгариши натижасими ёки янги узоқ муддат давом этадиган  тенденциями,  аввалдан айтиш мушкул.