Украина Ташқи ишлар вазирлиги кадрлар етишмаслиги сабабли ўз веб-саҳифасида элчи бўлишни хоҳловчилар аризаларини қабул қилиш учун махсус бўлим очди. Вазир Дмитрий Кулебанинг сўзларига кўра, жами 21 бўш иш ўрни тўлдирилиши керак.

“Биз мисли кўрилмаган қадам ташламоқдамиз – биз тизим ичидаги дипломатларга ҳам, ташқаридан келган одамларга ҳам элчи лавозимига ўз номзодини таклиф қилиш имконини берадиган “очиқ эшиклар” яратмоқдамиз”, деб ёзди вазир ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасида.

Унинг қўшимча қилишича, номзодларни танлаш қийин кечади, бироқ Украина дипломатияси тарихида биринчи марта “тизим ичидан бўлмаган” кишилар элчи бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

“Тенг касбий кўрсаткичлар шарти билан мен аёлларга устунлик бераман. Шунчаки дипломатия аёлларнинг мартаба олиши масалаларида ўнлаб йиллар давомида адолатсизликка йўл қўйилган”, деди вазир.

Кулебанинг айтишича, департамент малакали кадрлар етишмагани учун шу йўлдан борилмоқда. Европа, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ, Жануби-Шарқий Осиёнинг 21 давлатида бўш элчи лавозимлари бор.

“Африкадаги дипломатик миссиялар раҳбарлари лавозимига даъвогарларнинг имкониятлари кўпроқ бўлади”, деб қўшимча қилди ТИВ раҳбари.

 

ЎзА