Японияда олтин нархи қимматлашиб, бир грамми 9 минг иенага (66,67 доллар) чиқди. Япониядаги қимматбаҳо металлар савдоси билан шуғулланувчи йирик Tanaka Kikinzoku Kogyo компанияси бугун эрталаб ушбу нархни белгилаган.
Бу ўтган ҳафтадаги нархдан 32 иенага кўп ва Японияда рекорд нарх ҳисобланади. Аввалги рекорд бундан икки ой аввал қайд этилган эди. Таҳлилчиларнинг фикрича, олтин нархининг кўтарилиши инвесторларнинг АҚШ молия тизими барқарорлигига ишончсизлигини акс эттирмоқда ҳамда келгусида ҳам “сариқ металл” нархи ошиб бориши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Душанба куни АҚШнинг Silicon Valley Bank (SVB) банки банкрот бўлгани ҳақида хабар тарқалгандан кейин Токио биржаси котировкаси кескин тушишни бошлади, кейинроқ эса Нью-Йоркдаги Signature Bank ҳам ёпилгани ҳақида маълум қилинди.
Орадан бир соат ўтиб, Япониянинг 225 та етакчи компанияси акциялари нархини кўрсатиб турувчи Nikkei индекси 500 пунктга тушиб кетди.