Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов Алматига ишчи сафари чоғида шаҳарда сейсмик аудит ўтказиш ва қурилишда назорат чораларини кучайтириш бўйича кўрсатма берди, деб хабар қилди ҳукумат матбуот хизмати.

Маълумки, Алмати республиканинг 2 миллиондан зиёд аҳолига эга энг йирик мегаполиси. Шаҳар сейсмик фаол зонада жойлашган.

Ахборотда келтирилишича, Бош вазир сейсмик хавфсизлик масаласига алоҳида эътибор қаратган. Ҳукумат раҳбарининг сўзига кўра, Туркия ва Сурияда содир бўлган фожиа республика, хусусан, Алмати учун жиддий сабоқ бўлиши керак. Смаилов шаҳардаги объектларни паспортлаштириш охирги марта 2017-2018 йилларда ўтказилганини эслатган. Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлигига шаҳар ҳокимлиги билан бирга қисқа вақтда аудит ўтказиш ва сейсмик хавфсизликни ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўриш топширилди.

– Нафақат Алмати, балки зилзилага мойил бошқа барча ҳудудлар айни масалада жаҳон тажрибасидан фойдаланиш зарур, – деган Бош вазир. – Ваколатли давлат идоралари аввал бекор қилинган қонунчиликни қатъийлаштириш масаласини тезкор кўриб чиқиши лозим.

ЎзА