Энергетика вазирлигида Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Берде хоним бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашувда Ўзбекистонда халқаро молия институтларининг кўмагида энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия самарадорлиги ва энергия тежамкорлик, энергетика соҳасини ривожлантириш режалари хусусида сўз борди. Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида энергия ресурслари интеграцияси ва бозорини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, жорий йилда умумий қуввати 4 300 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини, шу жумладан, 2 100 МВтли йирик қуёш ва шамол электр станциялари, 1 200 МВтли ижтимоий соҳа объектлари, хўжалик субъектларининг бино ва иншоотлари ҳамда хонадонларда ўрнатиладиган қуёш панеллари, 550 МВтли тадбиркорлар томонидан барпо этиладиган кичик фотоэлектр станцияларини ишга тушириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, учрашувда истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб бериш ва тақсимлаш тизимларини ривожлантириш дастурлари, яқин йилларга мўлжалланган истиқболда юқори кучланишли трансформаторлар ва узунлиги 5 минг километр бўлган юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш бўйича истиқболли лойиҳалар тақдимот қилинди.
Унда Анна Берде хоним юртимизда энергетика соҳасида амалга оширилаётган, “яшил” энергетика, айниқса, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларни юқори баҳолар экан, ушбу соҳани ривожлантиришнинг барча йўналишларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини таъкидлади. Шунингдек, электр энергиясини етказиб бериш ва тақсимлаш тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини, ушбу йўналишдаги лойиҳаларни молиялаштириш масалаларини кўриб чиқишга қизиқиш билдирди.
Учрашув якунида томонлар энергетика соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.
ЎзА