Қирғизистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси ташаббуси билан Халқаро Турк маданияти ва мероси жамғармаси томонидан нашр этилган озарбайжонлик машҳур манасшунос олим, шоир, таржимон Одил Жалилнинг “Манас достони ва туркий достон анъанаси” китоби тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда “Кабар” ахборот агентлиги маълум қилди.

Жамғарма раҳбари Гунай Эфендиева асарни эътироф этаркан, қирғиз халқининг бойлиги “Манас” ЮНЕСКО номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани, шу билан бирга дунёдаги энг катта достон сифатида Гиннес рекордлар китобидан ўрин олганига тўхталди.

Тадбир қатнашчилари ушбу китобнинг нашр этилиши чексиз Манас оламини билиш йўлидаги навбатдаги қадам эканини таъкидладилар. Асар нафақат қирғиз халқи, балки жами туркий дунё хазинаси, бутун инсоният маданий мероси сифатида тан олиниши урғуланди.

Доктор Одил Жалил “Манас” достонини ва умуман, туркий халқлар эпик ижодини мукаммал ўргангани, бу ёндашув туркий маданиятнинг янада интеграциялашуви йўлидаги юксалиш экани олқишланди.

Таъкидланганидек, Чингиз Айтматов ибораси билан айтганда, “Манас” достонини оғиздан оғизга, авлоддан-авлодга ўтказиб келаётган манасчилар бор бўлсин!”


Муҳаррама Пирматова, ЎзА