Беларусь Президенти Александр Лукашенко давлат ва ҳарбий хизматчиларга давлатга хиёнат қилганлик учун ўлим жазосини, шунингдек, Қуролли кучларни обрўсизлантириш учун жиноий жавобгарликни жорий қилувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қонун “Экстремистик (террорчилик) ва давлатга қарши жиноятларга қарши курашишни кучайтириш” мақсадида қабул қилинган.
“Қонунда мансабдор шахс томонидан давлатга хиёнат қилганлик учун жиноий жавобгарлик давлат лавозимини эгаллаб турган барча шахсларга нисбатан қўлланилиши назарда тутилади. Шу билан бирга, мансабдор шахс ёки ҳарбий хизматчи томонидан давлатга хиёнат қилганлик учун ўлим жазосини қўллаш имкониятини беради”, дейилади хабарда.
Эндиликда фуқаролар терроризмни тарғиб қилганлик, ҳарбийларни обрўсизлантириш ва “давлат сирларини ҳимоя қилиш талабларини бузганлик” учун ҳам жавобгарликка тортилади.
Беларусь – Европа ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида ўлим жазоси қўллайдиган ягона давлат.
ЎзА