Айни пайтда Тошкент шаҳрида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” фуқаролик жамияти тўртинчи форуми бўлиб ўтмоқда.

Гибрид форматда ўтаётган йиғилишда икки минтақадан фуқаролик жамияти вакиллари, хусусий сектор ва ҳукумат аъзолари, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган ташкилотлар вакилларидан иборат юзга яқин эксперт иштирок этмоқда.

“Глобал тўсиқ: барқарор алоқа учун ҳамкорлик ўрнатиш” мавзуига бағишланган анжуман очилишида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Хакала, Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан нутқ сўзлади.

Мазкур анжуман Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида мулоқотни фаоллаштириш, ҳамкорликни амалий дастур ва лойиҳалар билан бойитиш, минтақалараро очиқ ва самарали алоқа тизимини шакллантириш, кўп қиррали шерикликни янада чуқурлаштиришга қаратилгани таъкидланди.

– Икки минтақа давлатлари барқарор тараққиёти, равнақи ва фаровонлиги йўлида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги очиқ, тизимли ва сермаҳсул мулоқотни ҳамиша олқишлаймиз, – деди Тери Хакала. – Умуман, Марказий Осиё билан ҳамкорликни, икки минтақа манфаати учун хизмат қиладиган юқори даражадаги тадбирларни муҳим ташаббуслар, лойиҳалар билан бойитишда давом этамиз.

Форумда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси, устувор йўналиши, фуқаролик жамияти барқарорлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид дастурлар мавжудлиги маълум қилинди.

Фуқаролик жамияти форуми Европа Иттифоқининг “Глобал тўсиқ: барқарор алоқа учун ҳамкорлик ўрнатиш” номли стратегиясига инновацион қўшимчалар киритишга бағишланади. Иштирокчилар, шунингдек, 2022 йил 17-18 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматидаги тадбирлар натижасини муҳокама қилишмоқда.

– Тошкентда ўтаётган форумнинг мақсади – Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасида фуқаролик жамияти, айниқса, аёллар эҳтиёжи, гендер тенглиги ва ёшларга алоҳида эътибор қаратиш маслаларини ўрганишдан иборат, – дейди ЕИнинг мамлакатимиздаги элчиси Шарлотта Адриан.

Тадбир давом этмоқда. Айни пайтда минтақавий ҳамкорликка оид – “Бизнес ва инсон ҳуқуқлари”, “Таълим ва тадқиқот”, “Иқлим ўзгариши ва энергия” мавзуларида учта сессия бўлиб ўтмоқда.

Беҳруз Худойбердиев,

Даврон Эрназаров (фото),

Ёқуб Мелибоев (видео),

ЎзА