Халқаро шахмат академиясида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, ФИДЕ, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида “Women’s Chess Championship” I Халқаро шахмат турнирига старт берилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 5 августдаги “Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган турнир 9 турдан иборат бўлиб, 2 та гуруҳ кесимида ўтказилмоқда. Турнирда иштирок этиш учун 10 га яқин давлатлардан 100 дан ортиқ шахматчилар рўйхатдан ўтган.
Ёшлар ўртасида интеллектуал ўйинларни ривожлантириш, ёшларнинг шахматга бўлган қизиқишларини ошириш ва шахматчиларга ўз устида ишлашлари учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилган тадбирнинг умумий мукофот жамғармаси 50 минг АҚШ долларини ташкил қилади.
Мазкур турнир жорий йилнинг 12 мартига қадар давом этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА