Амалдаги Конституциямизнинг 29-моддасида фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги қонун билан чекланиши мумкинлиги белгиланган.

Конституциянинг янги таҳрирдаги лойиҳасида эса ушбу нормага қуйидагича ўзгартиш ва қўшимча киритиш таклиф этилмоқда:

“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Давлат Интернет тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, халқнинг соғлиғи ва маънавиятини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади”.

Яъни, фикр юритишни чеклаш мумкинлиги билан боғлиқ ноўрин норма чиқариб ташланмоқда. Масалага реал қаралганида, фикр инсоннинг онгостида юзага келадиган, эгасининг ўзгадан бошқаларга «кўринмас» ғоя.

Уни амалда назорат қилиш, чеклаш ёки тақиқлашнинг имкони йўқ.

Бу масала ўтган ҳафтада бўлиб ўтган масъул қўмиталар йиғилишида ҳам қизғин муҳокама қилинган ва аксарият депутатлар таклиф этилаётган таҳрирни маъқуллашларини билдирган эди.

Одилжон Тожиев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари