Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсон ҳуқуқлари маданиятини яратиш мақсадида ўқитиш ва қонун-қоидалардан хабардор қилиш воситаси сифатида таърифланади. Бу 2004 йилда қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида умумжаҳон дастурида ўз ифодасини топган.
Маълумки, 1995 йилдан 2004 йилгача Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим беришнинг 10 йиллиги деб эълон қилинган эди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга тааллуқли қоидалар кўпгина халқаро ҳужжатларда, шу жумладан, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, бола ҳуқуқлари, хотин-қизларга нисбатан ҳамда ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенцияларда ўз ифодасини топган.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг мақсади инсон ҳуқуқлари маданияти дунёсини яратишга йўналтирилган. Бу ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ва ана шу ҳуқуқларнинг ўзи ҳам ҳурмат қилинишини назарда тутади. Одамлар ўзларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини билиши билан бир қаторда бошқаларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари ҳам талаб қилинади. Инсон ҳуқуқлари, шунингдек, миллий тил ва удумларни, санъатни, ўз ватанига садоқатни ҳурмат қилиш демакдир.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим умумжаҳон дастурининг биринчи босқичида бошланғич ва ўрта таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим берилди. Дастурнинг иккинчи (2010-2014 йиллар) ва учинчи (2015-2019 йиллар) босқичларида олий таълим тизими, фуқаролик жамияти институтлари, давлат, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари, ҳарбий хизматчилар ўқитилди. Шу билан бирга, оммавий матбуот ахборот воситаларининг эркинлиги ва мустақиллиги муҳимлиги ҳисобга олинган ҳолда ОАВ вакилларини инсон ҳуқуқлари соҳасида тайёрлаш амалга оширилди.
Ҳозирги пайтда БМТ умумжаҳон дастурининг тўртинчи босқичи (2020-2024 йиллар) давом этмоқда. Бу босқичда асосий эътибор ёшларга таълим беришда тенглик, инсон ҳуқуқларини амалга ошириш, камситмасликка эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, дастурга мувофиқ 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб касбий ва умумий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Хотин-қизлар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича таълим бериш юзасидан махсус курслар ташкил этилади.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим билим бериш билан бир қаторда бу ҳуқуқлар қандай кафолатланиши ва ҳимоя қилинишини ҳам кўзда тутади. Шунингдек, бу таълим инсон ҳуқуқларининг қадриятлари, фуқароларнинг эркинликлари, уларнинг ўз фикрларини билдириш ҳуқуқларини ҳам қамраб олган. У шунингдек, таълим олувчиларни инсон ҳуқуқлари қадриятларини эъзозлаш ва ҳимоя қилишга ўргатади.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни амалга оширишнинг воситалари жуда кўп, бунда одамлар дунёни турлича тасаввур этишлари, ўқитувчилар эса турли ташкилотларда турли вазиятларда иш олиб боришларини ҳисобга олади. Шу билан бир қаторда инсон ҳуқуқлари барча мамлакатлардаги ҳамма учун бир хил эканлигини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Улар ажралмас, бўлинмас, ўзаро боғлиқ ҳолда муҳимдир.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни такомиллаштириш бўйича муҳим чоралар кўрилмоқда. Жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича магистрлар дастурини амалга ошириш учун ҳуқуқшунослик мактабларининг уюшмаси ташкил этилди. Уюшмага Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети кирган. Инсон ҳуқуқлари соҳасида юқори малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш мақсадларида ушбу йўналишда “Инсон ҳуқуқлари” ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим институти ҳам ташкил этилди.
Аҳоли ўртасида умуминсоний қадриятлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга амал этиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишларини таъминлаш мақсадида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва таълим муассасаларини жалб этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фуқаролик жамияти институтлари, давлат органлари ва ташкилотларининг фаол вакилларини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди. У ҳар йили Халқаро инсон ҳуқуқлари куни – 10 декабрда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги хизматлар учун берилади.
Умуман, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга амал этиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва “Йўл харитаси” тасдиқланган. Дастур доирасида ёшларнинг, давлат органлари ходимларининг, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида хабардорлигини, фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини, замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бериш тизимининг самарадорлигини ошириш, педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 46-сессиясида БМТ шафелигида ёшлар ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон конференциясини ўтказиш ташаббуси асосида 2022 йил 5-6 декабрда “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” глобал форуми ўтказилиб, анжуманда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш бўйича Самарқанд ҳаракатлар режаси (2023-2025 йиллар) қабул қилинди.
Миллий дастурни амалга оширишда давлат ҳокимияти органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, судлар ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари, таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этмоқда. Бу йўналишда халқаро ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик қилинмоқда. Таълим беришда “Инсон ҳуқуқлари”, “Ёшлар ҳуқуқлари”, “Хотин-қизлар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” таълим ва махсус курслари жорий этилган..
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига мувофиқ 20-28 февралда мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги ўтказилди. Бу оммавий тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан давлат ҳокимияти органлари, муассасалар, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда республикамизнинг барча ҳудудларида уюшқоқлик ва катта қизиқиш билан ўтказилди.
Жумладан, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассосиацияси шериклари билан биргаликда инсон ҳуқуқлари ҳафталиги давомида турли учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этди.
Ёшлар ишлари бўйича агентлик ташаббуси билан мамлакат ёшлари ўртасида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” хештеги ташкил этилиб, у кенг ёритиб борилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ мамлакатимиздаги кутубхоналарга инсон, хотин-қизлар, ногиронлар ҳуқуқлари бўйича китобларни, “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” туркумидаги рисолалар, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” янги сонларини бепул тақдим этди.
“Тонг юлдузи” ва “Класс!” газеталари таҳририятлари билан ҳамкорликда Инсон ҳуқуқлари ва умумжаҳон декларациянинг 75 йиллиги ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 31 йиллигига бағишланган “Инсон ҳуқуқлари бола нигоҳида” республика танлови эълон қилинди. Танловнинг биринчи босқичи Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни – 1 июнда якунланади. Иккинчи босқич ғолиблари эса 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунида аниқланади.
Ўзбекистонда бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги чет эл оммавий ахборот воситаларида ҳам ёритиб борилди. Испан тилида чиқадиган «El Mundo Financiero» етакчи халқаро онлайн нашрда “Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” мақоласи эълон қилинди. Унда ҳафталик доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумжаҳон таълими тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича миллий комиссия йиғилиши бўлиб ўтилганлиги қайд этилган. Нашрда ушбу мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Олий суд ва Бош прокуратура вакиллари, вазирлик ва идоралар, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари иштирок этганлигига урғу берилган.
Латвиянинг «LETA» ахборот агентлиги порталида ҳам “Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди. Унда ҳафталик Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан давлат ҳокимиятининг марказий ва маҳаллий органлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилаётганлиги таъкидланади.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
ЎзА