Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов раҳбарлигида мамлакатимиздаги ипакчилик тармоғи ташкилотлари ва илмий муассасалари вакиллари кенг қамровли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Вьетнам давлатида бўлди.
Ташриф давомида 12 та йирик экспорт шартномаси, 9 та қўшма инвестиция лойиҳасини ташкил этиш ва илмий тадқиқот ишларида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича 2 та ҳужжатни имзолаш белгиланган.
Вьетнамга ташрифнинг биринчи кунида Ханой шаҳрида бўладиган учрашувлар, ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар, ўзбек ипак маҳсулотларини экспорт қилиш, илм-фан соҳасида бажариладиган илмий тадқиқотлар ва имзоланадиган ҳужжатлар муҳокама қилинди.
Хусусан, делегация аъзолари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Ветнамдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси У.Рўзиқулов Вьетнам қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш вазири ўринбосари Фунг Дюк Тиен билан учрашди.
Учрашувда Вьетнам давлатига ўзбек ипак маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш, Вьетнам тажрибасини ўрганган ҳолда ипак саноатида илм-фан соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, пиллачилик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари юзасидан келишиб олинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ипакчилик илмий тадқиқот институти ҳамда Вьетнам ипакчилик илмий-тадқиқот маркази ўртасида меморандум имзоланди.
Вьетнамнинг ипакчилик учун озуқа базасини етиштирувчи майдонлар, тутчиликда зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш технологиялари, ипакни йигириш, улардан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ипак саноатида илм-фан соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича амалий ишларни ташкиллаштириш юзасидан келишиб олинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА