Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд раҳбарияти билан учрашди.

Учрашувда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан халқимиз томонидан келиб тушган таклифлар якунлари бўйича маслаҳатлашув бўлиб ўтди.

Депутатлар жамоатчилик томонидан юборилган 200 мингдан ортиқ таклифларнинг ҳар бирини синчиклаб ўрганиб чиқишди, бунда халқаро тажриба ҳам инобатга олинди, турли соҳалардан етук мутахассислар ва экспертлар жалб этилди.

Бир неча ой давом этган ўрганишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳасининг якуний таҳрири тайёрланди.

Мазкур қонун лойиҳасида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва давлат бошқаруви соҳаларига оид ўта муҳим ўзгаришлар акс этгани сабабли қонун лойиҳасини референдумга қўйишдан аввал депутатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасида белгиланган қонунчилик ташаббусига эга субъектлар билан маслаҳатлашувлар ўтказмоқда.

Бунда парламент ва ҳукумат, жамоатчилик вакиллари қонун лойиҳасига ўз таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси Конституциявий суд томонидан алоҳида кўриб чиқилиши ва хулоса берилиши қайд этилди.

Маслаҳатлашувлар давом этади.