Меҳнатсевар, фидойи, заҳматкаш опа-сингилларимизни ҳар қанча қардласак оз. Улар – ҳаётимиз кўрки, жамият таянчи ва ишончи. Мунис онахонларимиз соғлом ва баркамол авлоднинг тарбиячиларидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бўлиб ўтган “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини топшириш маросимида шулар хусусида сўз борди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан 2019 йилда таъсис этилган “Мўътабар аёл” кўкрак нишони жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ҳамда ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ҳамда болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган опа-сингилларимизни тақдирлашда, уларни янги марралар сари рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда ушбу мукофот соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ҳамда истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларга топширилмоқда.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев, мазкур вазирлик ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева аёлларни эъзозлаш юзасидан мамлакатимизда тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Аёллар дафтари” турли ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ҳал этишда, аёлларни ўйлантираётган масалаларга кенг жамоатчилик эътиборини қаратишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилда “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирлаш учун Республика комиссиясига 900 га яқин ҳужжатлар келиб тушди. Комиссия аъзолари томонидан мазкур кўкрак нишонига муносиб деб топилган номзодларнинг 71 нафари вазирлик ва идоралар тавсияси асосида, 243 нафари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридан тавсия этилган.

Жорий йилда мазкур кўкрак нишони билан турли соҳаларда етакчи, матонатли, фидойи мўътабар аёллардан 314 нафари тақдирланди. Улар сафида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ахборот узатиш  хизматининг етакчи хабар узатувчиси Гулмира Абдурасулованинг ҳам борлиги эътиборга моликдир.

Кўкрак нишони билан мукофотланганларга энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти топширилди. Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар кўрсатилаётган эътибор ва эъзоз учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

 

Н.Усмонова,  

ЎзА мухбири