Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан журналист аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижодий салоҳиятини намоён қилишга кўмаклашиш мақсадида эълон қилинган “Атиргул” танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Холмурод Салимов, Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги – ЎзА бош директори Абдусаид Кўчимов ва бошқалар мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида самарали меҳнат қилаётган хотин-қизларни фаол қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг жамиятдаги роли, ўрни ва нуфузини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳам бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Аёл журналистларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга доир “Атиргул” ижодий танлови бунинг ёрқин намунасидир.
Дарҳақиқат, бугунги кунда журналист аёллар жамиятнинг ижтимоий ҳаётида алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Улар томонидан ёритилаётган мавзулар кенг жамоатчилик эътиборини жалб этмоқда, турли муаммоларнинг ечим топишида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бу йил “Атиргул-2023” танловига 149 нафар иштирокчидан 800 дан ортиқ ижодий иш келиб тушди. Жумладан, босма нашрлар бўйича 59 та, телевидение бўйича 37 та, радиожурналистлардан 15 та, интернет журналистика йўналишида 25 та, ахборот хизмати ходимларидан 13 нафар даъвогарнинг ижодий ишлари келиб тушди.
Улардан жами 10 нафари турли номинациялар бўйича ғолиб бўлди. “Инсонга эътибор мавзуси ёритилган энг яхши материал учун”, “Сифатли таълим аҳамиятини очиб берган энг яхши материал учун”, “Маънавий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритгани учун”, “Инсон қадрини улуғлашга бағишланган энг яхши материал учун” каби номинациялар шулар жумласидандир.
Эътиборга молик жиҳати, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири Шаҳноза Маматуропова мазкур танловда “Инсонга эътибор мавзуси ёритилган энг яхши материал учун” номинациясида ғолиб бўлди.
Тадбирда ғолибларга статуэтка, диплом-плакетка, совғалар тантанали топширилди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (суратлар)