Қозоғистондаги Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети туркология институти директори Қулбек Эргобек ва қозоғистонлик ўзбек ёзувчиси Абдураҳим Пратов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида меҳмон бўлди.
Уюшма ахборот хизматига кўра, Қулбек Эргобек туркий халқлар адабиёти мавзусида ўнлаб монографиялар муаллифи ҳисобланади. Унинг ўзбек, бошқирд, қозоқ ва қирғиз адабиётининг ёрқин вакиллари – Миртемир, Одил Ёқубов, Мустай Карим, Собит Муқонов, Чингиз Айтматов ижоди ҳақидаги рисолалари қозоқ ва рус тилларида эълон қилинган.
Учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ ўзбек ва қозоқ адабий алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
– Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Қозоқ адабиёти кенгаши кўпдан буён иш олиб боради, – деди Нодир Жонузоқ. – Бугун биз Қалдибек Сейданов, Ақшагул Тўлегенова, Ойсулув Аханова каби ёзувчи ва шоирларимиз билан фахрланамиз.
Қулбек Эргобек, ўз навбатида, ўзбек адабиёти туркий адабиётдек катта хазинанинг бебаҳо гавҳари эканлигини таъкидлади ва дўстлик алоқалари миллий адабиётларни бойитишга хизмат қилишини айтди.
Меҳмонлар Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейи ва Адиблар хиёбони билан яқиндан танишди.
ЎзА