Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ўзбек халқининг садоқат ва вафо тимсоли бўлган шоираси Зулфия Исроилова таваллудига 108 йил ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудига 82 йил тўлиши муносабати билан “Беғубор қалб куйчилари” мавзусида адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди
Таъкидланганидек, юртимизга баҳор фаслининг кириб келиши билан оташнафас шоира Зульфияхоним таваллуд айёмини кенг нишонлаш яхши бир анъанага айланган. Филиал Ахборот ресурс маркази бўлими ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда сўзга чиққанлар буюк шоирларнинг ҳаёти ва ижодига тўхталди. Шеърият шундай қудратли кучки, унинг ихлосмандлари бу ажиб бир оламнинг сеҳридан ва зиёсидан баҳраманд бўлиш баробарида қалбида чин маънода юксак инсоний туйғулар куртак очади.
Зулфияхоним ҳамда Абдулла Ориповнинг асарлари талаба ёшларни ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Уларнинг ибратли ҳаёт ва ижод йўли, олийжаноб инсоний фазилати ҳар биримизга ибрат бўла олади.
Кеча талаба ёшлар томонидан саҳналаштирилган ажойиб чиқишлар билан давом этди. Жумладан, шоирларнинг энг сара шеърлари ижро этилди, уларнинг қаламига мансуб куй ва қўшиқлар янгради, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Тадбир якунида фаол иштирок этган талаба ёшлар фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири