Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Наср кенгаши фаолиятининг 2022 йил якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўтган йил давомида кенгаш томонидан қатор ишлар қилинди. Жумладан, Шаҳодат Исахонованинг «Гавҳаршодбегим ёхуд қиёмат ўйини» номли тарихий романи, Дилшода Саидолимованинг «Урушдан қайтмаган болалар» романи кенгаш аъзолари томонидан ўрганилди. «Урушдан қайтмаган болалар» асари «Ижод нашр» нашриётида чоп этилди. Кўплаб насрий асарлар йил сўнгига қадар кенгаш тавсияси билан нашр этилиб, китобхонларга етиб боришига эришилди.
Шунингдек, Нафас Шодмоновнинг «Сайланма» номли драмалари, уюшма аъзоси Абдулла Бобоёровнинг «Чимилдиқ тортилган уй» номли ҳикоялари, Зуҳра Мамадалиеванинг «Новеллалар» тўпламлари ҳамда Ғафур Шермуҳаммаднинг «Марди майдон» китоби кенгаш томонидан кўриб чиқилди.
«Йилнинг энг яхши асари» танлови ўтказилиб, таниқли адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Луқмон Бўрихоннинг «Имом Мотуридий» тарихий романи танловнинг бош мукофотига лойиқ топилди. Шунингдек, таниқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али «Клеопатра» тарихий романи билан танловнинг «Энг яхши насрий асар» номинацияси бўйича биринчи ўринни қўлга киритгани эътироф этилди.
Замонавий ўзбек насрида тарихий мавзуга мурожаат этиш, нигоҳни ўтмишга қаратиш, идеални ўтмишдан ахтариш каби жиҳатлар етакчи тамойил сифатида бўй кўрсатади. Ғоявий мазмун ифодасидаги ёндашув ва эпик кўламдорлик, жанрий такомиллашувни М.Алининг «Клеопатра», И.Султоннинг «Маъсума», Ш.Исаҳонованинг «Гавҳаршодбегим ёхуд қиёмат ўйини», Н.Арслоннинг «Хўтама», Л.Бўрихоннинг «Имом Мотуридий», Н.Эшонқулнинг «Тақиқ меваси» романлари мисолида кузатиш мумкин. Романларни тарихий-маърифий, тарихий-биографик, рамзий-метафорик ҳамда модернистик йўсиндаги асарлар сирасига киритиш мумкин.
– Ўтган йилда даврий матбуотимизда 10 дан ортиқ повестлар эълон қилинди, – деди адабиётшунос Гулноз Сатторова. – Улар мавзу жиҳатидан ранг-баранг. Яратилган асарлар орасида миллий повестчилик тараққиётини ўзида акс эттира олган асарлар кўплиги диққатга сазовордир. Жумладан, Эркин Аъзамнинг «Жаҳон адабиёти» журналида чоп этилган «Гонолулуга элчи» қиссаси йилнинг энг яхши асарларидан бири бўлди, десак янглишмаймиз. Асар номиданоқ Эркин Аъзам услубига хос бўлган киноявий услубни сезиш қийин эмас. Ҳар доимгидек адиб ўз услубига содиқ қолган ҳолда замон эврилишлари, давр талатўплари, миллат руҳи, ўзлиги ҳақида ҳикоя қилади.
Йиғилишда Эрпўлат Бахтнинг «Ёшлик» журналининг икки сонида эълон қилинган «Ўзимизнинг Қўққибой ёхуд келажакка саёҳат», Маъмура Зоҳидованинг «Шарқ юлдузи» журналида эълон қилинган «Манглайдаги ёзиқ» ҳамда ҳозирги кунда Нидерландияда яшаб ижод қилаётган Шариф Аҳмедовнинг «Сарсон изларди ўзини ўзи» қиссаларига берилган таҳлил тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Кенгаш ишини янада такомиллаштириш юзасидан фикрлар билдирилди. Келгусидаги фаолият режаси белгиланди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА