Қонун лойиҳасига шарҳ

Бугунги кунда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Янгиланаётган Конституциямизни янада халқчил қомус сифатида тайёрлаш бўйича ишлар қизғин кечмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳасида белгиланаётган оммавий ахборот воситалари фаолияти билан боғлиқ янги норма хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова қуйидагиларни таъкидлади:

— Конституциявий қонун лойиҳасида мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсатини қатъий давом эттиришга қаратилган қоидалар мустаҳкамланаётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Хусусан, давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлаши, шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мустаҳкамланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ахборот майдонида ахборотлар қанчалик холис бўлса, кутилган ахборот бўлса ҳамда шунчаки маълумот эмас, таҳлилларга бой бўлса, ана шунда аҳолига нафи тегади ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигини таъминлашга хизмат қилади. ОАВ давлат ва жамият ўртасидаги энг муҳим кўприк. Ана шу кўприкнинг мустаҳкамлиги иккала тизимнинг ривожланишига ҳам хизмат қилади.

Амалдаги Конституциямизнинг 67-моддаси ОАВнинг эркинлиги, цензурага йўл қўйилмаслиги каби қисқароқ нормаларни изоҳлар эди, холос. Эндиликда тақдим этилаётган нормага кўра, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилаётгани ахборот олами вакиллари учун эркинликни таъминлайди. Қолаверса, соҳа ривожига, ахборотлар сифати ошишига, мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлиги янада юксалишига, жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.  

ЎзА