Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қонунбузарликлар салмоғи ортиб бормоқда. Бош прокуратура томонидан 2022 йил ва жорий йилнинг ўтган даври юзасидан электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатлари бўйича 433 жиноят иши қўзғатилган. Оқибатда давлат манфаатларига 368,1 миллиард сўм моддий зарар етказилган.

Шунингдек, сув таъминоти тармоқларига 1 минг 624  ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланиб, қоидабузарликларга йўл қўйган шахслардан 7 миллиард 144 миллион сўмлик қўшимча тўловлар ундирилган.

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик чораларининг етарли эмаслиги давлатга катта миқдорда зарар етказган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш имкониятини бермаяпти.

Шу сабабли энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик, бу борадаги ваколатли органларнинг кўрсатмаларини бажармаганлик ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини кучайтириш зарурати вужудга келди.

Бу фикрлар Сенат ялпи мажлисида “Энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилиш жараёнида қайд этилди.

Мазкур қонун юқоридаги муаммоларни бартараф этиш билан бирга энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган.

Сенат Раиси Танзила Норбоева ушбу масала юзасидан фикр билдириб, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали уларни аҳолига янада ишончли, барқарор ва етарлича етказиб берилишини таъминлаш ҳамда тизимда турли талон-торожликларнинг олдини олишда қонунга эҳтиёж катталигини қайд этди.

– Электр, газ ва водопроводдан тижорат мақсадларида қонунга хилоф равишда фойдаланиш – ўғирлик, деб белгиланмоқда, – деди Сенат Раиси. – Сабаби оддий: мазкур неъматлар халқимизники, яъни кўпчиликнинг ҳаққи. Шундай экан, уларни талон-торож қилиш, ўғирлаш кўпнинг ҳаққига хиёнат қилиш билан баробар. Демак, жавобгарлик ҳам шунга яраша қатъий бўлади. Киритилаётган нормаларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва ижрочилар ўртасида кенг тушунтиришга жиддий эътибор қилиш зарур. Қонунда бу вазифа асосан Бош прокуратура ва Энергетика вазирлиги зиммасига юклатилган. Бироқ, бу масалада парламент ва жамоатчилик таъсирини ҳам ошириш зарур.

Шу билан бирга, Жиноят кодексига “тижорат мақсади” тушунчаси киритилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг муайян фаолиятида фойда, даромад олиш, наф кўришга қаратилган мақсад эканлиги белгиланмоқда.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА