Пойтахтимизда «Қурилиш – UzBuild 2023» 24-халқаро кўргазмаси доирасида Қурилиш саноати халқаро анжумани бўлиб ўтди.

Унда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар, экспертлар қурилишнинг замонавий тенденциялари ва кўчмас мулкни бошқаришнинг долзарб масалаларини ҳал қилишнинг янги ёндашувлари ҳақида сўз юритди.

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқарув раисининг ўринбосари Баҳодир Исмоиловнинг қайд этишича, ушбу анжуман қурилиш саноати мутахассислари ва компания вакиллари учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлди. Негаки, улар кўргазмада соҳа янгиликлари, анжуманда эса бу йўналишларда  илмий-назарий билим ва кўникмага эга бўлди.

–Халқаро кўргазмада 100 дан ортиқ маҳаллий 350 га яқин хорижий компаниялар иштирок этяпти.  Бу йилги кўргазма иштирокчилар сони, янги турдаги маҳсулот ва технологиялари билан янада эътиборлидир. Хорижий экспортёрлар томонидан ташкил этилаётган семинарлар эса жаҳон тажрибасини ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Мана бугун кўргазмани иккинчи куни бўлишига қарамасдан хорижий тадбиркорлар билан бир қатор келишувларга эришилди. Албатта, бундай тадбирлар келгусида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материалларини жаҳон бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, янги ҳамкорларни топишга хизмат қилади, –деди Б.Исмоилов.

Анжуманда маърузачилар замонавий қурилиш: янги ёндашувлар, тушунчалар ва халқаро стандартлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, савдо кўчмас мулки, меҳмонхона бизнеси, қурилишни бошқариш, саноатни ўзгартириш ва рақамлаштириш каби масалаларда фикр алмашмоқда. Шунингдек, қурилишда юзага келадиган кўплаб муаммолар ва қийинчиликларнинг ечимлари ҳам улар эътиборидаги долзарб мавзулардандир.

Таъкидлаш керакки, қурилиш саноати IT ечимлар ва автоматлаштиришни фаол жорий этиш ва улардан фойдаланиш туфайли энг жадал ривожланаётган соҳалардан биридир. Анжуман доирасида қурилишни ўзгартириш ва рақамлаштириш, БИМ технологиялари тақдимоти, қурилишнинг турли босқичларида сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятларига ҳам эътибор қаратилмоқда.

Анжуман доирасида Халқаро молия корпорациясининг махсус сессияси бўлиб ўтди. Унда стандартлар ва “яшил” қурилишни халқаро сертификатлаш тизими ҳақида сўз юритилди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА