Ўзбекистон “Камаз”лари тақдимоти

Пойахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да Ўзбекистонда йиғилган “КАМАЗ” юк автомобилларининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

“Ўзавтосаноат” ҳамда Россиянинг “КАМАЗ” компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси, турли вазирлик ва идоралар, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

4.JPG

“Ўзавтосаноат” бошқаруви раиси У.Салимов, «КАМАЗ» компанияси Бош директори С.Когогин, «UzAutoTrailer» МЧЖ Бош директори А.Ҳожибоев ва бошқалар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичда жадал ривожланаётгани сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатлар мустаҳкамланишида, ҳар икки давлат манфаатларига хизмат қиладиган лойиҳаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилишида муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.

7.JPG

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида Ўзбекистонда «КАМАЗ» юк автомобилларини йиғиш бўйича келишувга эришилгани ана шундай истиқболли лойиҳалардан бири бўлди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги «UzAutoTrailer» МЧЖнинг ишлаб чиқариш майдонида мазкур автомобилларни ишлаб чиқариш бошланди. Айни пайтда «UzAutoTrailer» заводида 10 дан 36 тоннагача юк кўтариш қувватига эга 11 турдаги юк автомобиллари йиғилади. Мазкур автомобилларга ўрнатилган двигателлар 240 дан 401 гача от кучига эга бўлиб, улар ЕВРО 3, ЕВРО 4, ЕВРО 5 экологик меъёрларга жавоб беради.

11.JPG

Жорий йил биринчи чорагида заводда 100 дона юк автомобилининг илк партияси чиқарилди. Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1500 дона, кейинчалик ушбу кўрсаткични 3000 донага етказиш режалаштирилмоқда. Заводда ишлаб чиқарилган юк автомобилларини нафақат ички бозорга чиқариш, балки Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига экспорт қилиш кўзда тутилган.

13.JPG

– Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, яратилаётган қулай инвестициявий муҳит, ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларга берилаётган катта имтиёзлар кўплаб хорижий ишбилармонларни, инвесторларни қизиқтираётгани шубҳасиз, – дейди С.Когогин. – Биз ҳамкорлигимиз янада кенгайишига, биргаликда ташқи бозорга рақобатбардош маҳсулотлар олиб чиқишимизга ишонамиз.

18.JPG

Тақдимот доирасида Ўзбекистонда йиғилган «КАМАЗ» юк автомобилларининг турли моделлари намойиш этилди. Шунингдек, халқаро «Дакар» ралли-марафонининг 15 карра ғолиби, «КАМАЗ-Мастер» жамоасининг афсонавий спорт юк машинаси йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

 

Байрам Айтмуродов, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА