Жорий йилнинг 23-24 февраль кунлари Италиянинг Рим шаҳрида атроф-муҳит ва сув ресурслари бўйича ўтказилаётган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» юқори даражадаги 7-конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси табиат ресурслари вазири А.Абдуҳакимов ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Бош директорининг биринчи ўринбосари Томас Лоран ўртасида учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида ФАОнинг иқлим ўзгаришига мослашиш, ерларнинг деградацияси, экинлар ва биологик хилма-хиллик йўқолишига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган қўшма лойиҳалари муҳокама қилинди.
Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Томас Лоран Ўзбекистон кейинги йилларда минтақада муҳим ташаббусларни илгари суриб, Глобал экологик жамғарма (GEF) маблағларини жалб этган ҳолда грант лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этганини алоҳида таъкидлаган. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Орол денгизи экологик фалокати оқибатларини юмшатиш борасидаги ташаббуслари эътироф этилган.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, ФАО билан биргаликда Глобал экологик жамғарманинг умумий қиймати 25,2 миллион доллар бўлган 5 та лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Учрашувда Глобал экологик жамғарма 8-молиялаш даври (2022-2026 йиллар) доирасида 6,4 миллион доллар миқдоридаги лойиҳа концепциясини илгари суриш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар Глобал экологик жамғарманинг глобал тақсимоти доирасида трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш, шунингдек, турғун органик ифлослантирувчи моддаларни хавфсиз бошқариш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Йиғилиш сўнгида ФАО вакиллари жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида БМТнинг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш, шунингдек, кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонлар турларини сақлаш бўйича бўлиб ўтадиган юқори даражадаги тадбирларига таклиф этилди.
ЎзА