Швейцариянинг “Agence Ecofin” интернет-нашри саҳифасида “Миср ва Ўзбекистон янги сармоявий лойиҳалар орқали ҳамкорликни мустаҳкамламоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Ахборотда давлатимиз раҳбарининг Мисрга расмий ташрифи тафсилоти атрофлича қаламга олинган.
Мақолада, жумладан, Ўзбекистон ва Миср томонидан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сони сўнгги йилларда олти баробар ошгани ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинар экан, Порт-Саид шаҳрида қўшма саноат кооперацияси ва дистрибюторлик маркази ташкил этиш, имтиёзли савдо шартномаси тузиш ва имзолаш, қўшма ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишини 2023 йил иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида ташкил этиш бўйича қатор келишувларга эришилгани алоҳида таъкидланган.
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мисрга ташрифи доирасида бўлиб ўтган ушбу учрашувлар давомида бизнес-форум ташкил этилди, – деб ёзади “Agence Ecofin”. – Тадбирда икки давлат етакчи компанияларидан 200 га яқин вакил иштирок этиб, якунда қатор ҳужжатлар имзоланди. Асосан, кимё, энергетика, тоғ-кон саноати, тўқимачилик, чарм-пойабзал йўналишлари, саноат зоналарини ривожлантириш, инфратузилма лойиҳалари амалга ошириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, қурилиш, фармацевтика соҳаларида қўшма лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишга алоқадор келгуси тадбирлар белгилаб олинди. Расмийлар Ўзбекистон ва Миср ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови сонини кўпайтиришга ҳам келишиб олдилар.
ЎзА