Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ҳамда фуқароларнинг пенсия миқдорларини мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичларига мувофиқ изчил ошириб борилишини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2022 йилда пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдорлари 14 фоизга оширилиб минимал истеъмол харажатлари миқдоридан кам бўлмаслиги таъминланган. Минимал истеъмол харажатлари миқдоридан (500 минг сўмдан) юқори миқдорлардаги пенсия ва нафақалар эса 12 фоизга ҳамда ногиронлик пенсия ва нафақаларининг энг кам миқдори эса 440 минг сўмдан 698 минг сўмгача яъни 1,6 бараварга оширилган.

Бундан ташқари тўловларни банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонига асосан, жорий йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори, яъни юқори чегараси пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн бараваридан ўн икки бараваригача оширилди. 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегараси 3 миллион 888 минг сўм этиб белгиланди.

Мазкур фармонга асосан, 2022 йил декабрь ойида ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 бараваридан, яъни 3 миллион 240 минг сўмдан юқори бўлган 371 минг нафар пенсия олувчиларнинг пенсия миқдорлари қайта ҳисоб-китоб қилинди ва пенсияси ошадиган фуқароларга 2022 йилнинг декабрь ойида СМС хабар жўнатилди.

Ушбу тартибнинг жорий этилиши юқори иш ҳақи олган ва пенсия тизимига юқори ҳисса қўшган фуқароларга муносиб пенсияларни тайинлаш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, аҳолининг унумли меҳнат қилиб кўпроқ ҳақ олишига қизиқишини ошириш, яширин иқтисодиётдан чиқишга, мамлакатимиз иқтисодиётини ислоҳ қилишда ва ривожлантиришда фаол иштирок этишини таъминлашга хизмат қилади.

Юқоридаги амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ёшга доир пенсия олувчиларнинг ўртача пенсия миқдори 2023 йил 1 февраль ҳолатига 1,1 миллион сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга ўсган.

Бугунги кунда зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 500 минг сўм, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 500 минг сўм ва ёшга доир энг кам пенсия миқдори — ойига 633 минг сўм, ногиронлик пенсиялари, жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори — ойига 698 минг сўм ҳамда меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 698 минг сўмни ташкил этади.

 

ЎзА