20 февраль куни Болгарияда 74-бор ташкил этилаётган “Странджа” халқаро турнири бошланди.

Дунёнинг 40 га яқин давлатидан 200 нафардан зиёд маҳоратли боксчилар қатнашаётган турнирда 50 га яқин Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорлари қатори юртимиз чарм қўлқоп усталари ҳам қатнашмоқда

Кеча “Кичик жаҳон чемпионати” номи билан машҳур бўлган ушбу турнир жанглари учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Бир-биридан қизиқарли учрашувлар бўлиши кутилаётган мусобақада Олимпия ўйинлари ва Жаҳон чемпионатлари финалида рўбарў келган Жалолов-Конкабоев қарама-қаршилигидаги жанг қачон ва қайси нуқтада рўй бериши кўпчиликни қизиқтираётган эди.

Қуръа натижасига кўра, Баҳодир Жалолов мусобақадаги илк жангини 22 февраль куни америкалик Жошуа Эдвардсга қарши ўтказади. Мазкур баҳс ғолиби эса чорак финалда Қамшибек Конкабаев (Қозоғистон) — Стан Бертенс (Нидерландия) тўқнашувининг омадлиси билан тўқнаш келади.

Эслатиб ўтамиз, 26 февралга қадар давом этадиган ушбу турнирда мамлакатимизнинг 27 нафар боксчиси иштирок этмоқда. София рингларида боксчиларимиздан Ҳасанбой Дўсматов, Миразизбек Мирзахалилов, Лазизбек Мўллажонов, Абдумалик Ҳалаков, Иқболжон Холдоров, Руслан Абдуллаев, Одилжон Аслонов, Мужибилло Турсунов маҳоратини намойиш этишга чоғланмоқда.

Т. Рўзиев, ЎзА