Бокс бўйича мамлакатимиз ёшлар терма жамоаси аъзолари Россия Федерациясининг Комсомольск шаҳрида ўтказилаётган турнирда муносиб натижаларга эришмоқда. Терма жамоамиз аъзоларидан тўрт нафари бугун ўтадиган ярим финал жангларида рингга кўтарилади.
Иқтидорли боксчиларимиздан Собиржон Тастанов, Илҳом Эргашев, Самандар Олимов россиялик чарм қўлқоп усталарига рўбарў келса, Абдулазиз Абдураҳмонов Беларусь чемпиони Кирилл Дигарь билан финал масаласини ҳал этади.
Бугун, 18 февраль куни бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Болгарияда ўтказиладиган “Странжа” халқаро турнирида иштирок этиш учун жўнаб кетди.
Болгариянинг София шаҳрида “кичик жаҳон чемпионати” номи билан машҳур бўлган “Странжа” турнирида дунёнинг энг кучли боксчилари иштирок этади. Унда терма жамоамиз асосий таркибидаги 27 нафар боксчи қатнашишини назарда тутсак, мусобақалар ҳар жиҳатдан муросасиз кечиши тайин.
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличевнинг таъкидлашича, “Странжа” турнири жорий йил 1-14 май кунлари пойтахтимизда катталар ўртасида бўладиган Жаҳон чемпионати, куз фаслида Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари ҳамда “Париж-2024” Олимпиадаси йўлланмалари учун ўтказиладиган турнирларда ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган таркибни аниқлаб олиш вазифасини ўтайди.
Болгарияга йўл олган таркибга назар ташласак. 48 килограммда Нодиржон Мирзаҳмедов ва Шодиёржон Мелиқўзиев, 51 кило оғирликда Ҳасанбой Дўсматов ва Асилбек Жалилов, 54 кило вазнда Шаҳзод Музаффаров ва Миразизбек Мирзахалилов, 57 килограммда Абдумалик Халаков, 60 килода Шунқор Абдурасулов, Атҳамжон Муҳиддинов, Дилшод Абдумуродов, 63,5 кило вазнда Руслан Абдуллаев ва Мужибилло Турсунов, 67 кило оғирликда Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва Бекзод Ҳамидов, 71 килода Иқболжон Холдоров, Саиджамшид Жафаров, Нурислом Исмоилов, 75 килода Ҳавасбек Асадуллаев, Аълохон Абдуллаев, Абдулазиз Абдупаттаев, 80 килода Одилжон Аслонов ва Жасурбек Йўлдошев, 86 кило вазнда Шоҳжаҳон Абдуллаев ва Темурхон Собиров, 92 килограммда Лазизбек Муллажонов ва Мадиёр Саидраҳимов ҳамда энг оғир вазн бўлган +92 кило оғирликда Баҳодир Жалоловни кўриш мумкин.
София баҳсларида боксчи қизларимиздан Саида Раҳмонова, Нозимахон Бултурова, Мухлиса Хушвақтова ва Хадичабону Абдуллаева иштирок этади.
Бокс бўйича аёллар терма жамоаси бош мураббийи Элшод Расуловнинг билдиришича, боксчи қизларимизнинг асосий таркиби жорий йил 15-31 март кунлари Ҳиндистонда аёллар ўртасида ўтадиган жаҳон чемпионатига ҳозирлик кўраётганлиги сабабли Болгарияга захирадаги ихчам таркиб жўнатилди.
Болгарияда бошланаётган халқаро турнир жангларига эртага, 19 февралда қуръа ташланади. Вазн тоифаларидаги жангларга 20 февралдан старт берилади ҳамда 26 февралга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА