Исроил авиакомпаниялари Туркияга 16 йиллик танаффусдан кейин илк қатновини йўлга қўймоқда. Пайшанба куни Israir компанияси Тель-Авивдан Истанбулга илк йўловчи самолётини жўнатди, деб ёзмоқда Yedioth Ahronoth газетаси.

Хабарда келтирилишича, ҳаво кемаси Туркия мегаполисига 165 йўловчини ҳамда зилзила оқибатларини бартараф қилиш учун гуманитар ёрдам ва дори-дармон юкларини олиб келган.  

Исроил авиакомпанияларнинг Туркияга қатновлари 2007 йилда икки давлат ўртасида келишмовчиликлар сабабли тўхтатилган эди. Шундан буён икки ўзаро йўловчи авиа қатновларни хорижий компаниялар амалга ошириб келди, деб ёзмоқда Yedioth Ahronoth.

Исроил йўловчи авиарейси 16 йил ичида илк бор амалга оширилаётгани муносабати билан Бен-Гурион аэропортида Исроил транспорт ва йўллар хавфсизлиги вазири Мири Регев ҳамда Туркиянинг Исроилдаги элчиси Шокир Ўзкан Торунлар иштирокида тантанали маросим бўлиб ўтган.

Исроиллик вазир икки мамлакат ўртасидаги алоқалар келгусида ҳам мустаҳкамланиб боришидан умид билдирди, дейилади Yedioth Ahronoth берган хабарда.

Газетанинг келтириб ўтишича, яқин ҳафталар ичида Israir авиакомпанияси сафида мамлакатнинг энг йирик El Al ва Arkia авиакомпаниялари ҳам Туркия шаҳарларига авиақатновларни йўлга қўяди.