СпортТанлаш

Рўйхатдан ўтинг
15:41 / 13.02.2023

Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг ўтган йил якунлари ва жорий йилги режаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Федерация ижроия қўмитаси аъзолари, терма жамоа мураббийлари, ҳудудий бўлим ижрочи директорлари, мутахассислар қатнашган йиғилишда 2022 йилги мусобақалар натижалари ҳамда 2023 йилги ички мусобақалар ўтказиш низоми кўриб чиқилди. Ҳар бир ҳудуднинг ички чемпионатларда қатнашиш ҳолати, спортчиларнинг кўрсаткичлари бўйича ишлаб чиқилган мониторинг асосида ютуқ ва камчиликлар айтиб ўтилди.

Шунингдек, иштирокчилар Халқаро оғир атлетика федерация низомига киритилган ўзгаришлар билан таништирилди.

Миллий терма жамоа мураббийлар кенгаши жорий йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтадиган ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик стратегияси хусусида ахборот беришди.

Бундан ташқари, терма жамоада ишлашга жалб қилинган эронлик Алихосеини Саид ва туркманистонлик Довлет Глиджов таништирилди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов халқаро мусобақалардаги ўтган йилги натижалар ҳамда жорий йилги режалар хусусида мутахассисларга ахборот берди. Мураббий ва мутахассислар олдида турган вазифалар белгиланди.

Йиғилиш сўнгида 2022 йилги спорт мавсумида муносиб ютуқларга эришганлар орасидан энг яхшилар эълон қилинди ва мукофотланди.

Ташкилий қўмита қарорига кўра, Наманган вилояти жамоаси йилнинг энг яхши вилоят термаси сифатида эътироф этилган бўлса, Акобир Усмонов “Энг яхши мураббий” Ригина Адашбоева “Йил кашфиёти”, Нигора Абдуллаева “Энг ёш умидли спортчи”,  Шарофиддин Амриддинов “Энг яхши ёш спортчи”, Турсуной Жабборова “Энг яхши аёл спортчи”, Руслан Нуруддинов “Энг яхши эркак спортчи”, дея эълон қилинди.

Анжуманда делегатлар таклифига биноан Абдусаттор Мамасиддиқов Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси Тошкент вилояти бўлимига янги ижрочи директор сифатида таништирилди.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА