Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти фаоллари ва мутасаддилар билан ҳудудда саноатни ривожлантириш истиқболлари ва бошқа долзарб масалаларни муҳокама қилмоқда.

Маълум қилинишича, вилоятда электр етишмовчилиги 2022 йилда 123 миллион киловатт соатга етди, 2023 йилда бу рақам 156 миллион киловатт соат бўлиши кутилмоқда. Вилоятда камида 2 минг Мегаватт қайта тикланувчи энергия манбалар учун салоҳият бор.

Шундан келиб чиқиб, Жиззахда 2023 йилда 270 Мегаватт қуёш энергияси қувватлари ишга туширилади ва шунинг ҳисобига 236 миллион киловатт соат ишлаб чиқарилиб, танқислик ортиғи билан қопланади. Маълумот учун, 156 миллион киловатт соат танқислик кутилаётган эди. Бунинг ҳисобига, жами 71 миллион куб метр газ тежалади.

Жумладан, Ғаллаоролда Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компанияси 200 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан, 220 Мегаваттли йирик қуёш станцияси ишга туширилади ва бу йил 60 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. Келгуси йилда бу станция тўлиқ қувватга чиқиб, 500 миллион киловатт соат электр олинади ва вилоят эҳтиёжининг 20 фоизини қоплайди.

Ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида 5 Мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилиши ҳисобига, 2023 йилда 5 миллион киловатт соат таъминланади.

Бунинг учун, банклар иштирокида алоҳида Компания ташкил қилиняпти. Жиззахда бу компания 5 миллион доллар ҳисобига, 250 та бинода қуёш панеллари ўрнатиб, “яшил энергия” билан таъминлайди. Саноат зонаси ва тадбиркорлар биноларида 15 Мегаваттли қувватлар жойлаштирилади.

Бунинг учун, тадбиркорларга банклар томонидан 100 миллиард сўм кредит ресурслари ажратилади.

Аҳоли хонадонларига 8 Мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш учун, аҳоли ўз хонадонида панель ўрнатиб, эҳтиёжидан ортган ҳар бир киловати давлат томонидан 1 минг сўмдан сотиб олинади. Бу тариф ҳозирда 295 сўмни ташкил этмоқда.

“Тадбиркорларнинг ўз эҳтиёжлари учун 5, 10, 15 Мегаваттли қуёш станциялари қуриш ташаббусларини ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Бу орқали, 2023 йилда 30 Мегаватт қувватлар яратилади ва 28 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилад”, деди давлат раҳбари.

2023 йилда Зафарободда жами 2 Мегаваттли 2 та кичик ГЭС қурилиб, бу йил 2,4 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқариши айтилди.

Вилоятдаги 10 минг километр ирригация тармоқлари ва каналлари салоҳиятидан фойдаланиб, вилоятда яна 3 Мегаватт қувватли микро ГЭСлар қуриш ҳаракатлари бошланади.

Маълум қилинишича, Осиё тараққиёт банки билан бирга, Форишда 150 Мегаваттли йирик қуёш станцияси лойиҳаси бошланади. Ушбу станция тўлиқ қувватга чиққанда, 370 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради. Жиззах шаҳрида 2023 йилда бир вақтнинг ўзида ҳам иссиқлик, ҳам электр энергияси ишлаб чиқарувчи “Ко-генерация” маркази қурилади. Унинг умумий қуввати 14 Мегаватт бўлиб, тўлиқ кўмирда ишлайди. Бу орқали, 60 та кўп қаватли уйлар иссиқлик билан таъминланади, 35 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. Натижада 36 миллион куб метр газ тежалади.

Шунингдек, муҳокама давомида 123 та боғча, 199 та мактаб, 35 та тиббиёт муассасасининг иситиш тизимларини кўмирга ўтказиб, 4 миллион куб метр газни тежаш зарурлиги айтилди.

ЎзА