Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.
Форум иштирокчиларига Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қутлов сўзларини йўллади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табригини Сенат Раиси Т.Норбоева ўқиб эшиттирди.
Форумда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ушбу жараёнда парламентларнинг ролини янада оширишга доир масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Президентининг ташаббуси асосида минтақа давлатларининг етакчилари ўртасида олиб борилаётган ўзаро ишончга асосланган фаол сиёсий мулоқотлар изчиллик касб этмоқда. Бу Марказий Осиё давлатлари бирдек манфаатдор бўлган тинчлик-осойишталик, хавфсизлик, чегаравий масалалар, шунингдек, иқтисодиёт, инвестиция, туризм, маданият, соғлиқни сақлаш ва экологияга оид минтақавий ҳамда халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан муҳим ташаббус ва қарорларнинг қабул қилинишига замин яратмоқда.
Форумда бу борада парламент дипломатиясининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани қайд этилди. Айниқса, глобал таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда қардош ва ўзаро дўст халқлар парламентларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, уларнинг салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Айнан шу йўналишда Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепциясининг қабул қилингани ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Ўзбекистон парламенти делегацияси раҳбари ўз сўзида ўзаро манфаатли ҳамкорликни жадал ривожлантиришга қаратилган ишлар парламент аъзолари зиммасига катта масъулият юклашини қайд этди.
Халқаро сиёсатдаги юқори турбулентлик шароитида ва жаҳон иқтисодиётида инқирозли ҳодисаларнинг кучайиши фонида парламентларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, муаммоларни биргаликда ҳал этишга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.
Форумнинг йўлга қўйилиши эса ана шундай ҳаётий талабларни қондириш билан бир қаторда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
– Минтақа давлатлари парламентларининг самарали мулоқоти бўйича йўлга қўйилган мазкур янги платформа доирасида қонун чиқарувчи органлар ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни янада фаоллаштириш керак. Шунингдек, миллий қонунчилик асосларини ўзаро уйғунлаштириш бўйича қонунчилик нормаларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда такомиллаштириш мақсадга мувофиқ, – дея таъкидлади Т. Норбоева.
Форумда умумий тарихий ва маданий меросга асосланган маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришда парламент аъзоларининг иштирокини янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Форум иштирокчилари икки ва кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришда турли форумлар, маданий тадбирларни ўтказиш, халқларимизни бир-бири билан янада жипслаштиришга хизмат қилувчи туризм йўналишлари бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашди.
ЎзА