Мамлакатимизда бўлиб турган Словения ташқи ишлар вазири Таня Фаён бошчилигидаги делегация аъзолари вазирлик ва идораларда бўлиб, қатор тадбирларда иштирок этмоқда.
Ташриф доирасида Ўзбекистон-Словения бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтди.
Тегишли вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ва икки мамлакат ишбилармон доираларининг 100 дан ортиқ вакили иштирок этган анжуманда мамлакатимиз делегациясига Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилик қилди.
Тадбирда савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларга тўхталиб ўтилди. Ўзаро савдо муносабати фаоллашаётгани, бу борада ишбилармон доиралар фаоллиги муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, ўтган йил давомида савдо айланмаси миқдори қарийб 40 фоиз ошиб, ўсиш сезиларли даражада ижобий суръат намоён қилди. Бу кўп жиҳатдан Ўзбекистоннинг “GSP+” преференциялар тизими бенефициари мақомини олиши билан боғлиқ.
Форум давомида Ўзбекистон ва Словения ўртасида Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Ушбу ҳужжатда ташқи савдо кўрсаткичини ошириш учун томонлар тадбиркорлар учун қўшимча шарт-шароит яратиб бериш шарти акс этган.
Тақдимотлар, ишбилармон доиралар вакиллари ўртасида кечган мулоқотларда автомобилсозлик бўйича, бутловчи қисмлар, металл буюмлар, гидравлик турбина, насос, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришда шериклик муносабатини ўрнатиш истиқболи кўриб чиқилди. Чорвачилик, боғдорчилик ва уруғчиликни ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳалар амалга ошириш учун агросаноат мажмуасиини шакллантириш, юртимизда Словениянинг “Mercator Group” йирик савдо тармоғи филиалини очиш имконияти муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Словения ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, мустаҳкам ишбилармонлик алоқасини ўрнатиш, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ўзаро тайёрлик билдирилди.
– Биз ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар спорт иншоотларини ва қишлоқ хўжалиги соҳасида иссиқхоналарни ёпишда қўлланади, – дейди “DUOL Innovative structure solutions” коппанияси раҳбари Дузан Олаж. – Марказий Осиё ҳудудида турли йўналишларда 700 га яқин корхонамиз фаолият юритади. Ўттиз йилдан буён мамлакатингиз билан ҳамкорлик қиламиз. Ўзбекистон минтақада йирик бозорга, кенг имкониятга эга давлат. Шунинг учун ҳам ҳудудда ишлаб чиқариш корхоналари очишни режалаштирганмиз. Бугунги учрашувда бизнес соҳаси вакиллари билан фикр алмашдик. Бу келгусидаги фаолиятимиз учун жуда муҳим. Барча ўзбек тадбиркорлари учун эшикларимиз очиқ, улар билан ҳамкорлик қилишга доим тайёрмиз.
Форум “B2B” va “G2B” музокаралари кўринишида давом этди. Томонлар янги инвестициявий лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда амалий ҳамкорликни янги босқичга чиқаришга қаратилган мустаҳкам савдо алоқаси ўрнатиш юзасидан фикр алмашдилар.
Гўзал Сатторова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА